НАДЖИМУТДИНОВ КАМАРИДДИН НАДЖИМУТДИНОВИЧ
НАДЖИМУТДИНОВ КАМАРИДДИН НАДЖИМУТДИНОВИЧ

НАДЖИМУТДИНОВ КАМАРИДДИН НАДЖИМУТДИНОВИЧ - ЎЗБЕКИСТОНДА КЛИНИК ФАРМАКОЛОГЛАР "МАКТАБИ"НИ ЯРАТГАН ТАШАББУСКОР ОЛИМ.
20 йил давомида Тошкент тиббиёт институтнинг ўқув-услубий ишларни назорат қилиш ҳайъатини бошқарган. 17 йил давомида ихтисослашган Илмий кенгашга раислик қилган. Бир неча бор институт қабул ҳайъати ишини ташкил этган.
Машҳур олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Қамариддин Нажимутдинов ўзи суйган касбига қанчалик масъулият билан ёндашса, фарзандлари ва шогирдлари тарбиясига худди шундай жавобгарлик билан қарар эди. Устозимнинг ҳеч қайси замонда эскирмайдиган ўгитларини кўп эслайман:
“Сенга бирор-бир топшириқ ёки вазифа ишониб юклатилганда, уни ўрнига қўйиб, сидқидилдан бажаришинг ва бу ишни охирига етказишинг керак. Сенга турли муносабатлар билан қоғоздаги хулосаларни тақдим этишса, уларга ишониб “ҳаммаси жойида экан”, деб бепарво бўлма, ўзинг кўриб-билган ҳақиқатларга ишон, таҳлил ва ўрганиш ишингнинг асосий қисми бўлсин”.
К. Наджимутдинов 1931 йил 26 февралда Тошкент шаҳрида, зиёли оиласида туғилган. Мактабда ўқиш пайтида у тенгдошларидан меҳнасеварлиги, билимга бўлган катта интилиши, илм-фан ютуқларига қизиқиши билан ажралиб турарди. 1949 йилда ўрта мактабни олтин медал билан тугатгач, Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факултетига ўқишга кирди. Барча йиллар давомида фақат аъло баҳоларга ўқиди ва институтни 1956 йилда имтиёзли диплом билан тугатди.
Институт Илмий Кенгаши К.Наджимутдиновга аспирантурани давом эттиришни тавсия қилди, аммо у ўзлаштирилмаган чўл ерларга ёш мутахассис сифатида ишга борди. 1956 йилда Мирзачўлни ўзлаштириш тўғрисидаги фармонга мувофиқ олий ўқув юртларини битирган барча мутахассис ёшлар чўлли худудга сафабар этилди.
К. Наджимутдинов 7 йил давомида Боявут ва Янгиер туманларида шифокор-ординатор, бўлим мудири, туман шифохонаси бош шифокори, туман тиббий-санитария бошқармаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича муовини, кейинчалик ушбу бошқарманинг бош шифокори лавозимида ишлаб, Мирзачўлда дашт ерларни ўзлаштиришнинг оғир йилларида инсонлар саломатлигини сақлашда жонбозлик кўрсатди.
Унинг Мирзачўл қишлоқларида одамларга кўрсатган хизматлари, касалликлар профилактикаси бўйича олиб борган ишлари бесамар кетмади. Эл дардига дармон бўла олгаан шифокор халқнинг ҳурматига сазовор бўлди. Хукумат томонидан "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
1962 йил декабрда К. Наджимутдинов яна Тошкентга қайтиб келди. Ўзбекистон Фанлар Aкадемиясининг Ўсимликлар кимёси илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасига ўқишга кириб Ўзбекистон ва Марказий Осиёда ўсувчи доривор ўсимликлар ва улардан олинган доривор моддаларни ўрганиш бўйича тадқиқотларини бошлади.
Илмий изланишлар олиб бориш ёш олимга ўрганаётган соҳасини чуқур таҳлил қилиш ва эришаётган натижалардан хулосалар чиқариш қобилиятини ўргатди. 1966 йилда "Aпогалантамин фармакологияси тўғрисида" мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
К.Наджимутдиновда ўқув-тарбиявий ва педагогик фаолиятга бўлган қизиқиши уни 1966 йилда Тошкент тиббиёт институтинг фармакология кафедрасида ассистент бўлиб ишлашга чорлади.
1967 йилда у ушбу кафедранинг доценти, 1974 йилда эса фармакология ихтисослиги бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва профессор унвонига сазовор бўлди. Шундай қилиб, у 16 йил давомида профессор Н.Н.Компанцев ва И.К.Комилов каби таниқли фармакологлар тажриба мактабида тобланди.
1982 йилда тиббиёт муассасаларининг ўқув дастурларига янги фан – клиник фармакология киритилди. Ўша вақтларда ушбу йўналишда мамлакатимизда тиббиёт фани ғарб мамлакатларидан анча ортда қолган эди. Даволаш самарадорлигини оширишга қодир юқори малакали шифокорларни тайёрлаш зарурати кўндаланг турган бир пайтда К.Наджимутдинов ташаббуси билан тиббиёт таълимига клиник фармакология киритилди.
Бу йўналишда махсус дарслик ва адабиётлар таҳчиллиги сабаб 1980 йилда ички касалликлар кафедраси қошида махсус курс ташкил этишга бош бўлди.
Ушбу вазифани амалга оширишда институт ректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор У.A.Aрипов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси РA Каценович ва курс раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Н.Т.Тулагановларнинг ҳиссаси катта бўлди.
1982 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтида Клиник фармакология кафедраси ташкил этилди. Кафедра мудири этиб профессор К.Н.Нажимутдинов тайинланди. Кафедрага тажрибали фармаколог ва терапевтлар – доцентлар Н.Г.Бабаева, Р.И. Усмонов, П.С. Кац ва бошқа ёш истеъдодли мутахассислар таклиф қилинди, кафедра учун янги ТошМИ клиникаси ҳудудида 60 ўринли умумий терапия бўлими база сифатида ажратилди. Кафедра зарур ўқув қуроллари ва жиҳозлар билан таъминланди. Қисқа вақт ичида Клиник фармакология кафедраси институтнинг етакчи кафедраларидан бирига айланди ва илмий изланишлар бошланди.
Профессор К.Н.Наджимутдинов ўз атрофида меҳнатга лаёқатли аҳил жамоани йиға олди.
Ўзбекистонда клиник фармакологлар "мактаби" ни яратди. Кафедрада ўқув-услубий жараённи янада такомиллаштириш билан бир қаторда клиник фармакологиянинг амалий жиҳатлари бўйича кенг қамровли илмий тадқиқотлар бошланди. Ўзбек клиник фармакологлари "мактаби"нинг тадқиқотлар натижаси бўйича қатор илмий соҳаларга нисбатан илғорлиги касалликларни даволаш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатди. Амалий тиббиётга янги усуллар киритилди, докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, ихтироларга патент олиниб, услубий тавсиялар берилди, кўплаб илмий мақолалар нашр этилди.
К.Наджимутдинов институтда кўп йиллик фаолияти давомида ўқув-услубий фаолиятнинг асослари ва моҳиятини пухта эгаллаб, ушбу фаолиятнинг моҳир ижрочиси ва ташкилотчиси, кўплаб ёш ходимлар учун устоз бўлди. Кафедра мудири, факултет декан муовини, декан, ўқув ишлари бўйича проректор, ўқув ва услубий ишлар сифатини назорат қилиш ҳайъати раиси лавозимларида ишлаганида у ўзини ажойиб ташкилотчи сифатида кўрсатди. Тошкент тиббиёт институтида ўқув жараёнини шакллантириш ва ривожлантиришда К.Нажимутдиновнинг хизматлари жуда катта.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилингандан сўнг, таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш даврида К.Наджимутдиновнинг "Таълим тўғрисида" ги Қонун, "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури", тиббий таълимнинг янги концепцияларини ишлаб чиқишдаги улкан хизматларини таъкидлаш лозим. К. Нажимутдинов Ўзбекистон тиббиёт институтлари ректорлари Кенгаши аъзоси, ушбу Кенгаш проректорлари ҳайъати раиси ва ўқув бўлинмалари раҳбари сифатида “Шифокор касбий тавсифномаси”, ўқув режалар, ўқув дастурлар каби меъёрий ҳужжатларни яратиш ташаббускори ва ташкилотчиси бўлган, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртларида магистратура ташкил этилишидаги "магистратура тўғрисида”ги Низом, магистратура ўқув режалари ва намунавий дастурларини яратишдаги хизматлари беқиёсдир.
К.Наджимутдиновнинг илмий изланишлардаги ютуқлари:
Унинг шогирдлари билан биргаликда 30 йил давомида олиб борган илмий ишлари тиббиётнинг энг долзарб муаммоларидан бири - монооксигеназа ферментлар тизими (МОС)нинг фундаментал ва биокимёвий аҳамияти, унинг организм ҳаётидаги, шунингдек, турли хил касалликларнинг ривожланишидаги аҳамиятига бағишланган. У МОСнинг фундаментал асосларини ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, олинган натижаларни клиник амалиётга тадбиқ этиш билан ушбу муаммонинг амалий жиҳатларини ўрганишни бошлади ва муҳим илмий ва амалий натижаларга эришди. Кўп ўтмай, МОС муаммоси нафақат клиник фармакологлар, биокимёгарлар, патофизиологлар, балки бошқа клиник соха мутахассисларини ҳам қизиқтирди, шундан сўнг республикамизда МОС муаммолари бўйича К.Нажимутдинов номи билан боғлиқ мактаб пайдо бўлди. Илмий фаолиятидаги яна бир ютуғи-МОС индукторларининг ўпкада сурфактант синтези ва секрециясига таъсир кўрсатадиган хусусиятларни аниқлаганида.
МОС индукторларининг ушбу хусусияти кашф этилиши билан пулмонологлар, акушер-гинекологлар, неонатологлар ва педиатрларга даволаш самарадорлигини ошди. Бу борадаги янги илмий тадқиқот лойиҳаларига йўл очилди.
Тадқиқотлар натижасида олим ва унинг шогирдалари томонидан 7 та докторлик ва 31 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, монографиялар, 140 дан ортиқ илмий ишлари нашр этилди, 15 та патент ва муаллифлик гувоҳномалари олинди, бир қанча амалий тавсиялар чоп этилди, бензоналнинг янги фармакологик хоссалари ва унинг тиббий амалиётга татбиқ этилиши бўйича Фармакологик қўмитасининг якуний қарори қабул қилинди.
К. Нажимутдинов фаолиятининг яна бир ўзига хос қирраларидан бири бу унинг юқори ташкилотчилик қобилиятидир. Шу сабабли бўлса керак, институтда у ҳар доим энг муҳим тадбирларни амалга оширишда қатнашган. Кафедрада жуда банд бўлишига қарамай, ўқув ва илмий ишларда у барча соҳаларда ўз вазифаларини мукаммал бажара олди. Шу сабабли 1967-1971 йилларда у даволаш факултети декан муовини ва чет эллик талабалар раҳбари, 1974-1980 йилларда стоматология факултети декани, 1980-1987 йилларда даволаш факултети декани, 1990-2000 йилларда Биринчи Тошкент тиббиёт институтининг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимларида ишлаган, 2000 йилдан институт ректорининг маслаҳатчиси этиб тайинланган.
К. Наджимутдинов деярли 20 йил давомида институтнинг ўқув-услубий ишларни назорат қилиш ҳайъатини бошқарган, 17 йил давомида ихтисослашган Илмий кенгашнинг раиси бўлган, бир неча бор институт қабул ҳайъати ишини ташкил этди.
Профессор К.Наджимутдинов қайси йўналишда ишламасин, ҳар доим ишни тадбир илан режали ташкил этди.
Унинг фаолияти нафақат кафедра ва институт, балки республика миқиёсида илм-фан ривожи, ўқув-услубий, ташкилий ва тарбиявий ишларни такомиллаштирилишида муҳим аҳамият касб этди.
Устозимиз шогирдларига нисбатан меҳр-муҳаббат ва ҳурмат наари билан қарардилар. Унинг одамлар билан мулоқот қилишдаги маданияти, касбига хос этикаси, барчага дўстона муносабати, камтар хулқи, билимли зиёлиларга хос одоб-ахлоқи, адолат туйғуси билан лиммо-лим очиқ қалби барчамизга ўрнакдир.
ТТА клиник фармакология кафедраси доценти Д.С.Акбарова
Какова ваша реакция?






